Maryam

Change Language
Change Surah
Change Recitation

Uzbek: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf

Play All
# Translation Ayah
1 Кааф, ҳаа, йаа, айн, сод. كهيعص
2 Бу, Роббингнинг бандаси Закариёга раҳмати зикридир. (Яъни, эй Муҳаммад (с. а. в.), ушбу қисса «Роббингнинг бандаси Закариёга раҳмати зикридир».) ذِكْرُ رَحْمَةِ رَبِّكَ عَبْدَهُ زَكَرِيَّا
3 Унинг Роббига махфий нидо қилган чоғини эсла. إِذْ نَادَى رَبَّهُ نِدَاء خَفِيًّا
4 У: «Эй Роббим, менинг суякларим мўртлашди, бошга оқ туташди, эй Роббим, сенга дуо қилиш-ла бадбахт бўлмаганман. قَالَ رَبِّ إِنِّي وَهَنَ الْعَظْمُ مِنِّي وَاشْتَعَلَ الرَّأْسُ شَيْبًا وَلَمْ أَكُن بِدُعَائِكَ رَبِّ شَقِيًّا
5 Ва, албатта, мен ортимдаги қариндошлардан қўрқдим. Аёлим туғмас эди. Бас, менга Ўз даргоҳингдан бир валий–ортдан қолгувчи ато эт. وَإِنِّي خِفْتُ الْمَوَالِيَ مِن وَرَائِي وَكَانَتِ امْرَأَتِي عَاقِرًا فَهَبْ لِي مِن لَّدُنكَ وَلِيًّا
6 У менга ва Яъқуб оиласига меросхўр бўлсин. Эй Роббим, уни Ўзинг рози бўладиган қил», деди. يَرِثُنِي وَيَرِثُ مِنْ آلِ يَعْقُوبَ وَاجْعَلْهُ رَبِّ رَضِيًّا
7 Эй Закариё, Биз сенга исми Яҳё бўлган бир ўғилнинг хушхабарини берамиз. Бундан олдин унга отдош қилган эмасмиз. (Кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссаломга буюк раҳмат назари билан боқди. Фарзанд берибгина қолмай, унга Ўзи Яҳё, деб исм ҳам қўйди. Буларнинг бари дунёга келаётган фарзандининг келажаги жуда қутлуғлигидан дарак берар эди.) يَا زَكَرِيَّا إِنَّا نُبَشِّرُكَ بِغُلَامٍ اسْمُهُ يَحْيَى لَمْ نَجْعَل لَّهُ مِن قَبْلُ سَمِيًّا
8 У: «Эй Роббим, аёлим туғмас бўлса, ўзим қариб-чириб қолган бўлсам, қандай қилиб менинг ўғлим бўлсин?!» деди. قَالَ رَبِّ أَنَّى يَكُونُ لِي غُلَامٌ وَكَانَتِ امْرَأَتِي عَاقِرًا وَقَدْ بَلَغْتُ مِنَ الْكِبَرِ عِتِيًّا
9 У: «Ана шундай! Роббинг айтдики, бу мен учун осон. Батаҳқиқ, бундан олдин сени яратдим. Ҳолбуки, сен ҳеч нарса эмас эдинг», деди. قَالَ كَذَلِكَ قَالَ رَبُّكَ هُوَ عَلَيَّ هَيِّنٌ وَقَدْ خَلَقْتُكَ مِن قَبْلُ وَلَمْ تَكُ شَيْئًا
10 У: «Роббим, менга бир белги ато қил», деди. У зот: «Сенинг белгинг саломат ҳолингда, одамларга уч кеча гапирмаслигингдир», деди. قَالَ رَبِّ اجْعَل لِّي آيَةً قَالَ آيَتُكَ أَلَّا تُكَلِّمَ النَّاسَ ثَلَاثَ لَيَالٍ سَوِيًّا
11 Бас, у ўз қавми ҳузурига меҳробдан чиқди ва уларга, эртаю кеч тасбиҳ айтинглар, деб ишора қилди. (Соғлом ҳолда тилдан қолган Закариё алайҳиссалом меҳробда ибодат, тасбиҳ ва Таврот тиловати билан машғул бўлдилар. Меҳробдан чиқиб қавмларига, эртаю кеч Аллоҳга тасбиҳ айтинглар, деб ишора қилдилар. Бу билан қавмларини бирга ибодат қилишга, берилган улуғ неъмат шукронасини адо этишга чорладилар. Шу нуқтада Закариёга алайҳиссалом тегишли тарих хотима топади. Яҳё алайҳиссаломнинг таваллудлари, ҳаётларига тааллуқли бошқа тарихлар баён этилмай, бир йўла ул зотга китоб нозил этилиш қиссаси зикр этилади.) فَخَرَجَ عَلَى قَوْمِهِ مِنَ الْمِحْرَابِ فَأَوْحَى إِلَيْهِمْ أَن سَبِّحُوا بُكْرَةً وَعَشِيًّا
12 «Эй Яҳё, китобни қувват-ла ол!» (дедик) ва унга гўдаклигидаёқ ҳукмни бердик. (Аллоҳ таоло Яҳё алайҳиссаломга, илоҳий Тавротни қувват билан ол, демоқда. Оятдаги: «Унга гўдаклигидаёқ ҳукмни бердик», деган жумлани уламоларимиз илму ҳикмат мазмунида таъвил қилганлар.) يَا يَحْيَى خُذِ الْكِتَابَ بِقُوَّةٍ وَآتَيْنَاهُ الْحُكْمَ صَبِيًّا
13 Ва Ўз томонимиздан меҳрибонлик ва поклик (бердик). Ҳамда у тақводор эди. وَحَنَانًا مِّن لَّدُنَّا وَزَكَاةً وَكَانَ تَقِيًّا
14 У ота-онасига меҳрибон бўлиб, жабр-ситам қилгувчи ва исёнчи эмасди. وَبَرًّا بِوَالِدَيْهِ وَلَمْ يَكُن جَبَّارًا عَصِيًّا
15 Унга туғилган кунида ҳам, ўладиган кунида ҳам, қайта тириладиган кунида ҳам саломлар бўлсин. وَسَلَامٌ عَلَيْهِ يَوْمَ وُلِدَ وَيَوْمَ يَمُوتُ وَيَوْمَ يُبْعَثُ حَيًّا
16 Китобда Марямни эсла. У ўз аҳлидан шарқий маконга ажраб чиққанда. وَاذْكُرْ فِي الْكِتَابِ مَرْيَمَ إِذِ انتَبَذَتْ مِنْ أَهْلِهَا مَكَانًا شَرْقِيًّا
17 Ва улар билан ўзи орасида тўсиқ олганда, Биз унга Ўз руҳимизни юбордик. Бас, у унга бус-бутун одам бўлиб кўринди. (Яъни, эй Муҳаммад, бу китобда (Қуръонда) Марямни эсла. Байтул Мақдисда яшаётган, бокира, тақводор қиз Марям, шаҳарнинг шарқий томонига ёлғиз чиқди. Нимага чиққанини Аллоҳ билади. Қавмидан ҳеч ким Марямни кўрмайдиган бўлди. У холи ва ёлғиз қолди. Жаброил алайҳиссалом Марямга тўла-тўкис одам сиймосида намоён бўлди. Аллоҳ уни яратган асл ҳолатида кўринмади. Чунки бус-бутун ҳолида кўринса, Марям буткул даҳшатга тушиши мумкин эди.) فَاتَّخَذَتْ مِن دُونِهِمْ حِجَابًا فَأَرْسَلْنَا إِلَيْهَا رُوحَنَا فَتَمَثَّلَ لَهَا بَشَرًا سَوِيًّا
18 У: «Мен сендан Аллоҳ паноҳ беришини сўрайман. Агар тақводор бўлсанг...» деди. قَالَتْ إِنِّي أَعُوذُ بِالرَّحْمَن مِنكَ إِن كُنتَ تَقِيًّا
19 У: «Мен Роббингнинг элчисиман, холос, сенга бир пок ўғилни ҳадя этиш учун келдим», деди. قَالَ إِنَّمَا أَنَا رَسُولُ رَبِّكِ لِأَهَبَ لَكِ غُلَامًا زَكِيًّا
20 У: « Менда қаёқдан ўғил бўлсин, менга башар тегмаган бўлса, мен бузуқ ҳам бўлмасам?!» деди. قَالَتْ أَنَّى يَكُونُ لِي غُلَامٌ وَلَمْ يَمْسَسْنِي بَشَرٌ وَلَمْ أَكُ بَغِيًّا
21 У: «Ана шундай, Роббинг айтдики, бу Мен учун осондир ва уни одамларга белги қилиш учун ҳамда Биздан раҳмат бўлиш учун, бу, ҳукми чиқиб бўлган ишдир», деди. قَالَ كَذَلِكِ قَالَ رَبُّكِ هُوَ عَلَيَّ هَيِّنٌ وَلِنَجْعَلَهُ آيَةً لِلنَّاسِ وَرَحْمَةً مِّنَّا وَكَانَ أَمْرًا مَّقْضِيًّا
22 Бас, унга ҳомиладор бўлди. Сўнгра у билан узоқ маконга четланди. (Яъни, Жаброил алайҳиссалом Марямнинг ёқасидан пуфлаганидан кейин Ийсога алайҳиссалом ҳомиладор бўлди.) فَحَمَلَتْهُ فَانتَبَذَتْ بِهِ مَكَانًا قَصِيًّا
23 Бас, тўлғоқ уни хурмо танасига олиб борди. У: «Кошки бундан олдин ўлсам эди ва бутунлай унутилиб кетсам эди», деди. فَأَجَاءهَا الْمَخَاضُ إِلَى جِذْعِ النَّخْلَةِ قَالَتْ يَا لَيْتَنِي مِتُّ قَبْلَ هَذَا وَكُنتُ نَسْيًا مَّنسِيًّا
24 Унинг остидан: «Маҳзун бўлма, батаҳқиқ, Роббинг остингдан оқар ариқ қилди. فَنَادَاهَا مِن تَحْتِهَا أَلَّا تَحْزَنِي قَدْ جَعَلَ رَبُّكِ تَحْتَكِ سَرِيًّا
25 Хурмо танасини силкит, сенга янги мева туширади», деб нидо қилди. (Тафсирчи уламоларимиз ушбу ояти каримани икки хил талқин қиладилар. Баъзилар «Унинг остидан» иборасини хурмонинг остидан маъносида, «нидо қилди» иборасини, фаришта нидо қилди мазмунида шарҳлаганлар. Айрим уламолар эса, «Унинг остидан»ни «Марямнинг остидан» ва «нидо қилди»ни, Ийсо нидо қилди, деб талқин этганлар.) وَهُزِّي إِلَيْكِ بِجِذْعِ النَّخْلَةِ تُسَاقِطْ عَلَيْكِ رُطَبًا جَنِيًّا
26 Е, ич ва кўзинг қувонсин. Бас, бирор одамни кўрар бўлсанг: «Мен Роҳманга рўза назр қилдим. Бугун инсон зотига зинҳор гапирмасман», дегин. فَكُلِي وَاشْرَبِي وَقَرِّي عَيْنًا فَإِمَّا تَرَيِنَّ مِنَ الْبَشَرِ أَحَدًا فَقُولِي إِنِّي نَذَرْتُ لِلرَّحْمَنِ صَوْمًا فَلَنْ أُكَلِّمَ الْيَوْمَ إِنسِيًّا
27 Бас, уни кўтариб қавмига олиб келди. Улар: «Эй Марям, сен ажойиб нарса келтирдинг-ку! فَأَتَتْ بِهِ قَوْمَهَا تَحْمِلُهُ قَالُوا يَا مَرْيَمُ لَقَدْ جِئْتِ شَيْئًا فَرِيًّا
28 Эй Ҳорун синглиси, отанг ёмон одаммас ва онанг ҳам бузуқ бўлмаган эди-ку!» дедилар. (Биби Марям Ийсо алайҳиссаломни кўтариб қавми ҳузурига борди. Қавм бу ҳолни кўриб ҳайратга тушди. Дарҳол Марямни тергаб, дашном бера бошлади.) يَا أُخْتَ هَارُونَ مَا كَانَ أَبُوكِ امْرَأَ سَوْءٍ وَمَا كَانَتْ أُمُّكِ بَغِيًّا
29 Бас, у унга ишорат қилди. Улар: «Бешикдаги гўдак ила қандай гаплашамиз?!» дедилар. (Бешикдаги бола ҳеч қачон гапирмайди. Аммо Аллоҳ ҳар нарсага қодир. У хоҳлаган иш бўлади. Бешикдаги гўдак Ийсо алайҳиссалом тилга кирдилар.) فَأَشَارَتْ إِلَيْهِ قَالُوا كَيْفَ نُكَلِّمُ مَن كَانَ فِي الْمَهْدِ صَبِيًّا
30 У: «Албатта, мен Аллоҳнинг бандасиман. У менга китоб берди ва мени Пайғамбар қилди. قَالَ إِنِّي عَبْدُ اللَّهِ آتَانِيَ الْكِتَابَ وَجَعَلَنِي نَبِيًّا
31 Мени қаерда бўлсам ҳам, муборак қилди. Модомики ҳаёт эканман, намоз ва закотни адо этмоқни тавсия қилди. وَجَعَلَنِي مُبَارَكًا أَيْنَ مَا كُنتُ وَأَوْصَانِي بِالصَّلَاةِ وَالزَّكَاةِ مَا دُمْتُ حَيًّا
32 Мени онамга меҳрибон қилди ва жабр-ситам қилгувчи, бадбахт қилмади. وَبَرًّا بِوَالِدَتِي وَلَمْ يَجْعَلْنِي جَبَّارًا شَقِيًّا
33 Менга туғилган кунимда ҳам, ўладиган кунимда ҳам ва қайта тириладиган кунимда ҳам салом бордир«, деди. وَالسَّلَامُ عَلَيَّ يَوْمَ وُلِدتُّ وَيَوْمَ أَمُوتُ وَيَوْمَ أُبْعَثُ حَيًّا
34 Мана шу шубҳа қилишаётган Ийсо ибн Марям тўғрисидаги ҳақ сўздир. (Баъзилар уни «худо» дедилар, баъзилар оналари Биби Марямни зинокорликда айбладилар. Бу қуруқ ва асоссиз сўзларга эмас, Аллоҳнинг ҳақ каломига ишониш керак.) ذَلِكَ عِيسَى ابْنُ مَرْيَمَ قَوْلَ الْحَقِّ الَّذِي فِيهِ يَمْتَرُونَ
35 Бола тутмоқ Аллоҳга ҳеч тўғри келмас. У бундан покдир. У бир ишни истаса, унга «Бўл!» дейдир. Бас, бўладир. مَا كَانَ لِلَّهِ أَن يَتَّخِذَ مِن وَلَدٍ سُبْحَانَهُ إِذَا قَضَى أَمْرًا فَإِنَّمَا يَقُولُ لَهُ كُن فَيَكُونُ
36 «Ва, албатта, Аллоҳ менинг Роббимдир ва сизнинг Роббингиздир. Бас, Унга ибодат қилинг. Мана шу тўғри йўлдир». وَإِنَّ اللَّهَ رَبِّي وَرَبُّكُمْ فَاعْبُدُوهُ هَذَا صِرَاطٌ مُّسْتَقِيمٌ
37 Сўнгра фирқалар ўзаро ихтилофга тушдилар. Куфр келтирганларга буюк кундаги кўринишдан вой бўлсин. (Насоролар ҳозиргача Ийсо алайҳиссалом хусусида ихтилофдалар. Баъзилари, Ийсо Аллоҳнинг ўғли деса, баъзилари Ийсо ота, ўғил ва муқаддас руҳдан иборат учликнинг бири дейди; баъзилари эса, Ийсо ота худо, она худо ва бола худодан бири–бола ўғил худо, дейдилар. Уларнинг орасида Ийсо алайҳиссалом Аллоҳнинг бандаси, Расули, руҳи ва калимаси дейдиганлар ҳам бор. Аммо ҳанузгача мазкур ихтилофлар давом этиб келмоқда. فَاخْتَلَفَ الْأَحْزَابُ مِن بَيْنِهِمْ فَوَيْلٌ لِّلَّذِينَ كَفَرُوا مِن مَّشْهَدِ يَوْمٍ عَظِيمٍ
38 Бизга келадиган куни қандай ҳам яхши эшитадилар, қандай ҳам яхши кўрадилар. Лекин золимлар бугунги кунда очиқ залолатдадирлар. أَسْمِعْ بِهِمْ وَأَبْصِرْ يَوْمَ يَأْتُونَنَا لَكِنِ الظَّالِمُونَ الْيَوْمَ فِي ضَلَالٍ مُّبِينٍ
39 Уларни ҳасрат кунидан, иш битмиш пайтидан огоҳ қил. Улар ғафлатдадирлар, улар иймон келтирмаслар. وَأَنذِرْهُمْ يَوْمَ الْحَسْرَةِ إِذْ قُضِيَ الْأَمْرُ وَهُمْ فِي غَفْلَةٍ وَهُمْ لَا يُؤْمِنُونَ
40 Албатта, Биз ерга ва унинг устидаги кимсаларга меросхўр бўламиз ва Бизгагина қайтурлар. إِنَّا نَحْنُ نَرِثُ الْأَرْضَ وَمَنْ عَلَيْهَا وَإِلَيْنَا يُرْجَعُونَ
41 Китобда Иброҳимни эсла. Албатта, у сиддиқ ва Набий бўлган эди. وَاذْكُرْ فِي الْكِتَابِ إِبْرَاهِيمَ إِنَّهُ كَانَ صِدِّيقًا نَّبِيًّا
42 Қачонки у отасига: «Эй отам, нима учун эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сенга бирон фойда бера олмайдиган нарсага ибодат қиласан? إِذْ قَالَ لِأَبِيهِ يَا أَبَتِ لِمَ تَعْبُدُ مَا لَا يَسْمَعُ وَلَا يُبْصِرُ وَلَا يُغْنِي عَنكَ شَيْئًا
43 Эй отам, албатта, сенга келмаган илм менга келди. Бас, менга эргаш, сени тўғри йўлга бошлайман. يَا أَبَتِ إِنِّي قَدْ جَاءنِي مِنَ الْعِلْمِ مَا لَمْ يَأْتِكَ فَاتَّبِعْنِي أَهْدِكَ صِرَاطًا سَوِيًّا
44 Эй отам, шайтонга ибодат қилма. Албатта, шайтон Роҳманга осий бўлгандир. يَا أَبَتِ لَا تَعْبُدِ الشَّيْطَانَ إِنَّ الشَّيْطَانَ كَانَ لِلرَّحْمَنِ عَصِيًّا
45 Эй отам, албатта, мен сени Роҳман томонидан азоб тутишидан ва шайтонга дўст бўлиб қолишингдан қўрқаман», деган эди. يَا أَبَتِ إِنِّي أَخَافُ أَن يَمَسَّكَ عَذَابٌ مِّنَ الرَّحْمَن فَتَكُونَ لِلشَّيْطَانِ وَلِيًّا
46 У: «Эй Иброҳим, сен менинг худоларимдан юз ўгирувчимисан?! Қасамки, агар тўхтамасанг, сени, албатта, тошбўрон қиламан! Мендан узоқ кет!» деди. قَالَ أَرَاغِبٌ أَنتَ عَنْ آلِهَتِي يَا إِبْراهِيمُ لَئِن لَّمْ تَنتَهِ لَأَرْجُمَنَّكَ وَاهْجُرْنِي مَلِيًّا
47 У: «Омон бўл. Энди Роббимдан сени мағфират қилишини сўрайман. Албатта, у менга жуда ҳам лутфи марҳаматлидир. قَالَ سَلَامٌ عَلَيْكَ سَأَسْتَغْفِرُ لَكَ رَبِّي إِنَّهُ كَانَ بِي حَفِيًّا
48 Мен сизлардан ҳам, Аллоҳдан ўзга илтижо қилаётган нарсангиздан ҳам четланаман ва Роббимга илтижо қиламан. Шоядки, Роббимга илтижо қилиш ила бадбахт бўлмасам», деди. وَأَعْتَزِلُكُمْ وَمَا تَدْعُونَ مِن دُونِ اللَّهِ وَأَدْعُو رَبِّي عَسَى أَلَّا أَكُونَ بِدُعَاء رَبِّي شَقِيًّا
49 Бас, улардан ва улар Аллоҳдан ўзга ибодат қилаётган нарсадан четланганида, Биз унга Исҳоқ ва Яъқубни ҳадя этдик ва барчаларини Пайғамбар қилдик. (Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳни, Унинг динини деб ўз ватанлари, қавм-қариндошларини тарк этиб, ҳижрат қилган эдилар. Аллоҳ таоло у зотни ёлғиз қўймади. Қариб қолган бўлсалар ҳам, Исҳоқ ва Яъқубни берди. Иброҳим алайҳиссалом насабини бардавом айлади. Энг муҳими, уларнинг ҳаммасини Пайғамбар қилди.) فَلَمَّا اعْتَزَلَهُمْ وَمَا يَعْبُدُونَ مِن دُونِ اللَّهِ وَهَبْنَا لَهُ إِسْحَاقَ وَيَعْقُوبَ وَكُلًّا جَعَلْنَا نَبِيًّا
50 Ва уларга Ўз раҳматимиздан ҳадя этдик ҳамда уларга ростгўй ва олий тил бердик. وَوَهَبْنَا لَهُم مِّن رَّحْمَتِنَا وَجَعَلْنَا لَهُمْ لِسَانَ صِدْقٍ عَلِيًّا
51 Китобда Мусони эсла. Албатта, у танлаб олинган Набий ва Расул эди. (Эй Муҳаммад, илоҳий Китоб–Қуръонда Мусо алайҳиссалом қиссасини эсла. У Аллоҳ таоло томонидан танлаб олинган банда: ҳам Набий ва ҳам Расул эди. Биз Аллоҳ томонидан бандаларга етказиш учун кўрсатмалар олган шахсни Пайғамбар деб одатланиб қолганмиз. Аслида эса, Пайғамбарлик моҳият жиҳатидан икки турлидир. Бир турларига «Набий», бошқаларига «Расул» дейилади. Набийлар Аллоҳдан ваҳий келган, бироқ китоб берилмаган, шунингдек, даъватлари кенг оммага эмас, ўзлари учунгина кифоя қилган зотлардир. Расул Аллоҳ томонидан ваҳий берилган, даъватлари кенг оммага мўлжалланган зот ҳисобланадилар. Мусо алайҳиссалом ушбу икки сифатни ўзларида мужассам қилган Пайғамбарлардан биридир.) وَاذْكُرْ فِي الْكِتَابِ مُوسَى إِنَّهُ كَانَ مُخْلَصًا وَكَانَ رَسُولًا نَّبِيًّا
52 Биз унга Турнинг ўнг томонидан нидо қилдик ва муножот учун Ўзимизга яқинлаштирдик. وَنَادَيْنَاهُ مِن جَانِبِ الطُّورِ الْأَيْمَنِ وَقَرَّبْنَاهُ نَجِيًّا
53 Ва унга Ўз раҳматимиздан оғаси Ҳорунни Пайғамбар қилиб ҳадя этдик. (Оғалари Ҳоруннинг Пайғамбар бўлишини Мусонинг алайҳиссалом ўзлари Аллоҳ таолога дуо қилиб сўраган эдилар.) وَوَهَبْنَا لَهُ مِن رَّحْمَتِنَا أَخَاهُ هَارُونَ نَبِيًّا
54 Ва китобда Исмоилни эсла. Албатта, у ваъдасига содиқ ҳамда Расул ва Набий бўлган эди. وَاذْكُرْ فِي الْكِتَابِ إِسْمَاعِيلَ إِنَّهُ كَانَ صَادِقَ الْوَعْدِ وَكَانَ رَسُولًا نَّبِيًّا
55 У аҳлини намозга ва закотга буюрар эди ва Робби наздида рози бўлган эди. وَكَانَ يَأْمُرُ أَهْلَهُ بِالصَّلَاةِ وَالزَّكَاةِ وَكَانَ عِندَ رَبِّهِ مَرْضِيًّا
56 Ва китобда Идрисни эсла. Албатта, у сиддиқ ва Набий бўлган эди. وَاذْكُرْ فِي الْكِتَابِ إِدْرِيسَ إِنَّهُ كَانَ صِدِّيقًا نَّبِيًّا
57 Ва уни олий мақомга кўтардик. (Унинг қадрини юксак, зикрини олий қилдик. Дунёда шундай олиймақом зотлар ўтган.) وَرَفَعْنَاهُ مَكَانًا عَلِيًّا
58 Ана ўшалар, Аллоҳ неъмат берган зотлар, Пайғамбарлардан, Одам зурриётидан, Нуҳ билан бирга (кемада) кўтарганларимиздан, Иброҳим ва Исроилнинг зурриётидан, Ўзимиз ҳидоят қилган ва танлаб олганлардан бўлган зотлар, уларга Роҳманнинг ояти тиловат қилинса, йиғлаб саждага йиқилардилар. أُوْلَئِكَ الَّذِينَ أَنْعَمَ اللَّهُ عَلَيْهِم مِّنَ النَّبِيِّينَ مِن ذُرِّيَّةِ آدَمَ وَمِمَّنْ حَمَلْنَا مَعَ نُوحٍ وَمِن ذُرِّيَّةِ إِبْرَاهِيمَ وَإِسْرَائِيلَ وَمِمَّنْ هَدَيْنَا وَاجْتَبَيْنَا إِذَا تُتْلَى عَلَيْهِمْ آيَاتُ الرَّحْمَن خَرُّوا سُجَّدًا وَبُكِيًّا
59 Бас, уларнинг ортидан бир ўринбосарлар қолдики, улар намозни зое қилиб, шаҳватларга эргашдилар. Бас, тезда улар ёмонликка йўлиқдилар. (Роҳманнинг ояти тиловат қилинганда йиғлаб, саждага отиладиган ҳассос зотлар ортидан, нобакор, фосиқ ва бетавфиқ ўринбосарлар келди. Бу бетавфиқ кимсалар намозни зое қилдилар, шаҳватга эргашадилар. Шаҳватга эргашган залолатга юз буради. Залолатга кетганга эса, ҳалокат етади.) فَخَلَفَ مِن بَعْدِهِمْ خَلْفٌ أَضَاعُوا الصَّلَاةَ وَاتَّبَعُوا الشَّهَوَاتِ فَسَوْفَ يَلْقَوْنَ غَيًّا
60 Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб, амали солиҳ қилса, бас, ана ўшалар жаннатга кирурлар ва ҳеч зулм қилинмаслар. (Ким тавба қилса, ношойиста амалидан афсус-надомат чекиб, тўғри йўлга қайтса, сўнгра иймон келтириб, мўмин бўлса ва яхши амалларни адо этса, ёмонликка учрамайди.) إِلَّا مَن تَابَ وَآمَنَ وَعَمِلَ صَالِحًا فَأُوْلَئِكَ يَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ وَلَا يُظْلَمُونَ شَيْئًا
61 Роҳман Ўз бандаларига ғайбдан ваъда қилган адн жаннатларидир. Албатта, Унинг ваъдаси келгусидир. جَنَّاتِ عَدْنٍ الَّتِي وَعَدَ الرَّحْمَنُ عِبَادَهُ بِالْغَيْبِ إِنَّهُ كَانَ وَعْدُهُ مَأْتِيًّا
62 Улар унда беҳуда сўз эшитмаслар, илло, салом эшитурлар. Уларга у ерда эртаю кеч ризқлари келиб турур. لَا يَسْمَعُونَ فِيهَا لَغْوًا إِلَّا سَلَامًا وَلَهُمْ رِزْقُهُمْ فِيهَا بُكْرَةً وَعَشِيًّا
63 У жаннат, бандаларимиздан тақводор бўлганларига мерос қилиб берадиган жаннатимиздир. تِلْكَ الْجَنَّةُ الَّتِي نُورِثُ مِنْ عِبَادِنَا مَن كَانَ تَقِيًّا
64 Биз фақат Роббингнинг амри билангина тушамиз. Бизнинг олдимиздаги нарсалар ва ортимиздаги нарсалар ҳамда уларнинг орасидаги нарсалар ҳам Уникидир. Роббинг унутгувчи бўлмаган. (Яъни, эй Муҳаммад, бизда ўзимизча тушавериш ихтиёри йўқ. Қачонки амр қилсагина, ҳузурингга тушамиз. Акс ҳолда, амрни кутиб тураверамиз. Жамики нарса Аллоҳнинг измида. Бизнинг олдимиздаги ва ортимиздаги ҳамда ҳар иккисининг орасидаги нарсалар Уникидир.) وَمَا نَتَنَزَّلُ إِلَّا بِأَمْرِ رَبِّكَ لَهُ مَا بَيْنَ أَيْدِينَا وَمَا خَلْفَنَا وَمَا بَيْنَ ذَلِكَ وَمَا كَانَ رَبُّكَ نَسِيًّا
65 У осмонлару ернинг ва улар орасидаги нарсаларнинг Роббидир. Бас, Унга ибодат қил ва Унинг ибодатида сабрли бўл. Унга тенгдошни билурмисан? (Инсон сабр-матонат ила Аллоҳга ибодат қилиб, бутун ҳаётини унинг кўрсатмасига мос этиб яшагандагина мақсадга ноил бўлади.) رَبُّ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَمَا بَيْنَهُمَا فَاعْبُدْهُ وَاصْطَبِرْ لِعِبَادَتِهِ هَلْ تَعْلَمُ لَهُ سَمِيًّا
66 Инсон: «Агар ўлсам, яна қайта тирик ҳолда чиқариламанми?!» дейди. وَيَقُولُ الْإِنسَانُ أَئِذَا مَا مِتُّ لَسَوْفَ أُخْرَجُ حَيًّا
67 Ўша инсон Биз уни бундан олдин ҳеч нарса бўлмай турганида яратганимизни эсламайдими?! أَوَلَا يَذْكُرُ الْإِنسَانُ أَنَّا خَلَقْنَاهُ مِن قَبْلُ وَلَمْ يَكُ شَيْئًا
68 Роббингга қасамки, Биз уларни ва шайтонларни, албатта, маҳшарга тўплаймиз, сўнгра уларни жаҳаннам атрофига тиз чўккан ҳолларида ҳозир қиламиз. فَوَرَبِّكَ لَنَحْشُرَنَّهُمْ وَالشَّيَاطِينَ ثُمَّ لَنُحْضِرَنَّهُمْ حَوْلَ جَهَنَّمَ جِثِيًّا
69 Сўнгра ҳар бир гуруҳдан Роҳманга ашаддий осий бўлганини суғуриб оламиз. (Анчайин чорлаб ёхуд таклиф қилиб эмас, шиддат билан суғуриб олинади. Демак, кофирлар шайтонлари билан жаҳаннам атрофига ўтқазиб қўйилиб, қилган гуноҳларига қараб бирин-кетин дўзахга ташланадилар. Қолганлари навбат кутиб, кузатиб турадилар.) ثُمَّ لَنَنزِعَنَّ مِن كُلِّ شِيعَةٍ أَيُّهُمْ أَشَدُّ عَلَى الرَّحْمَنِ عِتِيًّا
70 Кейин, албатта, Биз у(жаҳаннам)га киришга кимлар лойиқроқ эканини яхши билгувчимиз. ثُمَّ لَنَحْنُ أَعْلَمُ بِالَّذِينَ هُمْ أَوْلَى بِهَا صِلِيًّا
71 Сиздан унга яқинлашувчи бўлмаган ҳеч ким йўқ. Бу Роббинг ҳузуридаги кескин ҳукмдир. (Аллоҳ таоло Анбиё сурасида мўминлар ҳақида: «Ана ўшалар у (жаҳаннам)дан узоқлаштирилганлар, унинг овозини ҳам эшитмайдилар» деган, шунинг учун ҳам бу оятга «Сиздан унга яқинлашувчи бўлмаган ҳеч ким йўқ», деб маъно берсак аслига мувофиқ бўлади. Бинобарин, мўминлар жаҳаннамга, хусусан, сиротдан ўтаётганларида яқинлашадилар, бироқ тушмай ўтиб кетадилар. Кофирлар эса, яқинлашиб, жаҳаннам атрофида тиз чўкиб ўтирадилар ва гуноҳларига мос равишда кетма-кет дўзахга ташланадилар.) وَإِن مِّنكُمْ إِلَّا وَارِدُهَا كَانَ عَلَى رَبِّكَ حَتْمًا مَّقْضِيًّا
72 Сўнгра тақво қилганларга нажот берамиз ва золимларни унда тиз чўккан ҳолларида қолдирамиз. ثُمَّ نُنَجِّي الَّذِينَ اتَّقَوا وَّنَذَرُ الظَّالِمِينَ فِيهَا جِثِيًّا
73 Қачонки уларга Бизнинг равшан оятларимиз тиловат қилинса, куфр келтирганлар иймон келтирганларга: «Икки гуруҳнинг қайси бири мақом ва мажлис жиҳатидан яхшироқдир?» дерлар. وَإِذَا تُتْلَى عَلَيْهِمْ آيَاتُنَا بَيِّنَاتٍ قَالَ الَّذِينَ كَفَرُوا لِلَّذِينَ آمَنُوا أَيُّ الْفَرِيقَيْنِ خَيْرٌ مَّقَامًا وَأَحْسَنُ نَدِيًّا
74 Ҳолбуки, Биз улардан олдин мол ва кўриниш жиҳатидан яхшироқ бўлган қанчадан-қанча асрларни ҳалок қилганмиз. وَكَمْ أَهْلَكْنَا قَبْلَهُم مِّن قَرْنٍ هُمْ أَحْسَنُ أَثَاثًا وَرِئْيًا
75 Сен: «Ким залолатда бўлса, Роҳман унга муҳлат бериб қўйсин. Токи ўзларига ваъда қилинган нарсани — азобни ёки қиёматни кўрганларида, албатта, кимнинг мартабаси ёмонроқ ва аскари кучсизроқ эканини билурлар», дегин. قُلْ مَن كَانَ فِي الضَّلَالَةِ فَلْيَمْدُدْ لَهُ الرَّحْمَنُ مَدًّا حَتَّى إِذَا رَأَوْا مَا يُوعَدُونَ إِمَّا الْعَذَابَ وَإِمَّا السَّاعَةَ فَسَيَعْلَمُونَ مَنْ هُوَ شَرٌّ مَّكَانًا وَأَضْعَفُ جُندًا
76 Ва Аллоҳ ҳидоятга юрганларнинг ҳидоятини зиёда қиладир. Боқий қолувчи, солиҳ амаллар, Роббинг наздида, савоб жиҳатидан яхшироқдир ва оқибат жиҳатидан яхшироқдир. وَيَزِيدُ اللَّهُ الَّذِينَ اهْتَدَوْا هُدًى وَالْبَاقِيَاتُ الصَّالِحَاتُ خَيْرٌ عِندَ رَبِّكَ ثَوَابًا وَخَيْرٌ مَّرَدًّا
77 Оятларимизга куфр келтирган ва: «Албатта, (охиратда) менга молу дунё ҳамда бола-чақа берилажак», деганни кўрдингми?! أَفَرَأَيْتَ الَّذِي كَفَرَ بِآيَاتِنَا وَقَالَ لَأُوتَيَنَّ مَالًا وَوَلَدًا
78 У ғойибни билармикан ёки Роҳманнинг ҳузуридан аҳду паймон олдимикан?! (Ғойибда унга охиратда албатта молу дунё ҳамда бола-чақа берилиши муқаррар эканлиги ҳақида аломат бормикан?) أَاطَّلَعَ الْغَيْبَ أَمِ اتَّخَذَ عِندَ الرَّحْمَنِ عَهْدًا
79 Йўқ! Нима деганини, албатта, ёзиб қўямиз ва унга азобни узундан-узоқ қиламиз. كَلَّا سَنَكْتُبُ مَا يَقُولُ وَنَمُدُّ لَهُ مِنَ الْعَذَابِ مَدًّا
80 У айтаётган нарсага меросхўр бўлурмиз ва у бизга ёлғиз ҳолида келур. (Кофир молу мулк, бола-чақа ва бошқа дунёвий нарсаларидан жудо бўлган ёлғиз ҳолида бизга–ҳузуримизга келади. Ўша пайт у билан қандай муомала қилишни ўзимиз биламиз.) وَنَرِثُهُ مَا يَقُولُ وَيَأْتِينَا فَرْدًا
81 Улар ўзларига куч-қудрат, иззат бўлиши учун Аллоҳдан ўзгаларни худо қилиб оладилар. وَاتَّخَذُوا مِن دُونِ اللَّهِ آلِهَةً لِّيَكُونُوا لَهُمْ عِزًّا
82 Йўқ! у(худо)лар уларнинг ибодатларини инкор этурлар ва уларга зид бўлурлар. (Қиёмат куни сохта худолар мушрикларнинг уларга қилган ибодатини, бандалигини инкор этадилар. Биз уларга, бизга ибодат қилинг деганимиз йўқ, деб Аллоҳ ҳузурида ўзларини оқлайдилар.) كَلَّا سَيَكْفُرُونَ بِعِبَادَتِهِمْ وَيَكُونُونَ عَلَيْهِمْ ضِدًّا
83 Биз шайтонларни кофирларга уларни доимий қўзғаб туришга юборганимизни кўрмадингми? أَلَمْ تَرَ أَنَّا أَرْسَلْنَا الشَّيَاطِينَ عَلَى الْكَافِرِينَ تَؤُزُّهُمْ أَزًّا
84 Уларнинг зиддига шошилма! Биз уларнинг саноғини санамоқдамиз. فَلَا تَعْجَلْ عَلَيْهِمْ إِنَّمَا نَعُدُّ لَهُمْ عَدًّا
85 Тақводорларни Роҳман ҳузурига меҳмон ҳайъати этиб тўплаган кунимизда. يَوْمَ نَحْشُرُ الْمُتَّقِينَ إِلَى الرَّحْمَنِ وَفْدًا
86 Жиноятчиларни жаҳаннамга чанқоқ ҳолларида ҳайдаймиз. وَنَسُوقُ الْمُجْرِمِينَ إِلَى جَهَنَّمَ وِرْدًا
87 Улар шафоатга молик бўлмаслар. Магар ким Роҳман ҳузурида аҳду паймон олган бўлса (молик бўлур). (Шафоатга молик бўлганлар фақат Аллоҳнинг Ўзидан бу ҳақда аҳду паймон олганлардир, холос.) لَا يَمْلِكُونَ الشَّفَاعَةَ إِلَّا مَنِ اتَّخَذَ عِندَ الرَّحْمَنِ عَهْدًا
88 Улар: «Роҳман бола тутди», дедилар. وَقَالُوا اتَّخَذَ الرَّحْمَنُ وَلَدًا
89 Батаҳқиқ, жуда оғир нарса келтирдингиз. لَقَدْ جِئْتُمْ شَيْئًا إِدًّا
90 Ундан осмонлар парчаланиб, ер ёрилиб, тоғлар қулаб йиқилай, дейдир. تَكَادُ السَّمَاوَاتُ يَتَفَطَّرْنَ مِنْهُ وَتَنشَقُّ الْأَرْضُ وَتَخِرُّ الْجِبَالُ هَدًّا
91 Роҳманнинг боласи бор, деганларига. أَن دَعَوْا لِلرَّحْمَنِ وَلَدًا
92 Роҳманга бола тутиш лойиқ эмасдир. (Унинг бола тутишга ҳожати йўқ. У фарзанд талабида эмас. Бу унинг шаънига тўғри келмайди. Роҳман яккадир. Воҳид ва Биру Бордир.) وَمَا يَنبَغِي لِلرَّحْمَنِ أَن يَتَّخِذَ وَلَدًا
93 Осмонлару ердаги барча кимсалар Роҳманга банда бўлган ҳолларида келурлар. إِن كُلُّ مَن فِي السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ إِلَّا آتِي الرَّحْمَنِ عَبْدًا
94 Батаҳқиқ, У зот уларни иҳота қилган ва санаб қўйгандир. لَقَدْ أَحْصَاهُمْ وَعَدَّهُمْ عَدًّا
95 Уларнинг барчалари У зотнинг ҳузурига қиёмат куни ёлғиз ҳолларида келгувчидирлар. وَكُلُّهُمْ آتِيهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فَرْدًا
96 Албатта, иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларга Роҳман муҳаббат пайдо қилур. إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ سَيَجْعَلُ لَهُمُ الرَّحْمَنُ وُدًّا
97 Бас, албатта, тақводорларга хушхабар беришинг ва у билан саркаш қавмларни огоҳлантиришинг учун у(Қуръон)ни тилингга осон қилдик. فَإِنَّمَا يَسَّرْنَاهُ بِلِسَانِكَ لِتُبَشِّرَ بِهِ الْمُتَّقِينَ وَتُنذِرَ بِهِ قَوْمًا لُّدًّا
98 Улардан олдин қанчадан-қанча аср(аҳли)ни ҳалок қилдик. Улардан бирортасини ҳис этасанми ёки шарпасини эшитасанми?! وَكَمْ أَهْلَكْنَا قَبْلَهُم مِّن قَرْنٍ هَلْ تُحِسُّ مِنْهُم مِّنْ أَحَدٍ أَوْ تَسْمَعُ لَهُمْ رِكْزًا
;